• (GMT+5)     19.12.2017    

ПРЕСС-РЕЛИЗ

2017 йил 21-22 октябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма мажмуасида XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Ярмарка ишида «Ўзбекенгилсаноат» АЖ таркибига кирадиган Ўзбекистон енгил саноат корхоналари фаол қатнашмоқдалар. Жорий йили ўз тақдимот стендларини тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи қарийб 100 мамлакатимиз компаниялари намойиш қилмоқдалар ва улардан 25 компаниялар ўз мазмуни ва замонавийлиги бўйича эксклюзив маҳсулотларни тақдим этмоқдалар. Бу жиҳат Ўзбекистоннинг пахта индустрияси аста-секин иккинчи даражага ўтаётганлигидан далолат беради. Биринчи қаторларга эса Европа ва Осиё бозорларини забт этаётган юртимиз тўқимачилик брендларининг янги авлоди дадиллик билан чиқиб келмоқда.                                                                                     

Бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» АЖ ўз таркибида 450 дан ортиқ саноат корхоналарини бирлаштириб келади, уларнинг мамлакат бўйлаб умумий сони эса уч мингдан зиёд. Мустақиллик йилларида ўтказилган таркибий ислоҳотлар, тизимли модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш 2,5 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни жалб қилиш, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган 300 дан ортиқ йирик ишлаб чиқаришларни самарали ишга туширишга имкон яратди.  

Айни пайтда, енгил саноат корхоналари юртимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларига муваффақиятли етказиб беришини таъкидлаш лозим. Йиллик экспорт ҳажми 1 миллиард доллардан ортиқ миқдорни ташкил қиляпти. Шунингдек мамлакатимиз бўйлаб фаолият юритаётган соҳа корхоналарида 100 мингдан зиёд ишчи ва хизматчилар меҳнат қилади.                           

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, юртимиз енгил саноат соҳаси салмоқли ривожланиш салоҳияти мавжуд. Бу жараёнда Ўзбекистон хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга асосий урғу бермоқда. Шу боис бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган пахта толаси ҳажмидан камида 80 фоизини қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқарадиган қувватларни яратиш тармоқ истиқболли ривожланишининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.              

XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси юртимизнинг тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатини янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июндаги тегишли фармойишини ижро этиш мақсадида пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитаси ва Ўзбекистоннинг етакчи индустриал форуминининг 76-ялпи йиғилишини юқори ташкилий даражада ўтказиш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солди. Жумладан, кўргазма ва ярмаркада ип-калава ва ип газламалар, бўялган ва аралаш ип-калава, трикотаж мато, тайёр трикотаж ва тикувчилик маҳсулотлари, махмоқ маҳсулотлар, пайпоқлар, махсус матолар, маиший тўқимачилик, махсус кийимлар ва енгил саноатнинг қатор бошқа товарлари кенг ўрин эгаллаган.                                                 

Бундан ташқари, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ қошидаги Дизайн маркази томонидан модалар кўргазмасини ўтказиш уюштирилиб, унда еттита янги тўпламлар намойиш этилади. Уларнинг муаллифлари - «Узтекс», «Само», «Идеал», «Бонита», «Барчиной», «Чуст текс», «Контекс» каби корхоналар ва 6 нафар мустақил дизайнерлар - Озода Исхакова, «Анор Ателье», «Гигу»  (Гульчехра Юнусова), «Нооза» (Шахноза Ғуломова), «Сабина Назар», «Ками ми».   Ярмарка давомида илк бор турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Улар қаторидан қуйидагиларни келтириш мумкин: Корея ва Ўзбекистон дизайнерлари иштирокида дизайнерлар учун маҳорат дарслари; тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишни кенгайтириш масалалари бўйича семинар ва тренинглар; тўқимачилик маҳсулотларининг сифатини ошириш ва уни дунё бозорларига олиб чиқиш имкониятларини кенгайтиришни таъминлаш учун халқаро сертификатлаш тизимларида қатнашишни муҳокама қилиш учун брифинглар ўтказиш; газламалар ва тўқимачилик матоларига ишлов беришда бўяш ва босиб чиқариш (рақамли босиб чиқариш, 3D графикаси ва ҳоказолар) технологияларида эришилган завонавий ютуқларни тақдим этиш кабиларни айтиб ўтиш мумкин. 

         Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналари хорижий инвесторлар, XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси меҳмонлари ва қатнашчиларига турли-туман юқори сифатли, замонавий ва кўркам маҳсулотларни бажонидил тақдим этишлари мумкин.   Чунки 2019 йил охиригача соҳада умумий қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган 150 дан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Уларнинг рўёби ярим тайёр ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватлари даражасини қарийб 2 баравар ошириш ҳамда мамлакатимиз тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини икки баравардан ортиқ юксалтиришга имкон беради.   

«Ўзбекенгилсаноат» АЖ Матбуот хизмати